Германия суди Усмоновга қарши иш бўйича тинтувлар пайтида олиб қўйилган мулкни қайтариш ҳақида қарор қабул қилди
Франкфурт-Майн суди россиялик миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштиришда айбланиб, тергов доирасида ҳибсга олинган мол-мулкнинг ушлаб турилишини тақиқлади. Бу ҳақда “Медуза” нашри ёзади.
Суд Бош прокуратуранинг Усмоновга нисбатан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида олиб қўйилган ҳужжатлар ва мол-мулкни ушлаб туриш тўғрисидаги қарорини ноқонуний деб топди ва уларни эгаларига қайтаришни белгилади.
2022 йил кузида прокуратура ва федерал жиноят полицияси департаменти ходимлари Усмоновга алоқадор бўлган сайтларда бир қатор тинтувлар ўтказганди. Бошқа буюмлар қаторида, тинтувлар Тегернзее кўлидаги виллада ва “Дилбар” яхтасида, шунингдек, Франкфурт-Майн яқинидаги бизнесменнинг дўсти оиласининг квартирасида ҳам ўтказилганди.
Май ойида Франкфурт суди Усмоновга нисбатан пул “ювиш” бўйича тергов доирасида тўртта ордерни бекор қилди. Суд тинтувлар етарлича асосланмаган деган хулосага келди. Шундан сўнг, Усмоновнинг адвокатлари тинтув чоғида олиб қўйилган мол-мулкни эгаларига қайтариб беришни талаб қилиб, ариза беришди.
Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Алишер Усмонов бошқа кўплаб россиялик тадбиркор ва сиёсатчилар сингари Европа Иттифоқи, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Канада, Австралия ва бошқа давлатлар томонидан санкцияларга учради. Айри пайтда Усмонов Европа санкцияларига нисбатан суддат шикоят келтирмоқчи.
Германия расмийлари Усмоновни пул “ювиш”, санкцияларни бузиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда гумон қилмоқда. Маълум бўлишича, миллиардер иши бўйича тинтувлар чоғида ҳужжатлар ва умумий қиймати беш миллион еврога тенг 30 та сурат мусодара қилинган.
Усмонов мусодара қилинган суратлар, шунингдек, тинтув қилинган яхта ва виллага алоқаси борлигини рад этган. Бу мулкнинг барчаси у назорат қилмайдиган фондларга тегишли, дейди миллиардернинг вакиллари. Forbes журналининг ёзишича, “Дилбар” яхтаси Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоилованинг трастига тегишли.
2023 йил октябрь ойи бошида Германия полицияси ва божхона ходимлари Мюнхен ва Тегернзее шаҳарларидаги Европа санкциялари остида қолган россиялик фуқарога тегишли бўлган бир қанча мулкларни тинтув қилди. ОАВ хабарларига кўра, сўз Усмонов ҳақида бўлган. Бизнесменнинг вакиллари тинтувлар унга тегишли объектларда ўтказилганини рад этди.
Шарҳлар