Германияда Россияга дронларнинг эҳтиёт қисмларини етказиб берувчи экспортчилар қамалди

Фото: DW

Штутгарт Олий ер суди Саар федерал ерида яшовчи собиқ тадбиркорни Россияга дронлар учун бутловчи қисмларни ноқонуний етказиб берганликда айблаб, олти йилу тўққиз ойга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда DW хабар беради.

Худди шу ишда иштирок этган Баден-Вюртемберг федерал еридаги тадбиркорнинг рафиқаси эрига ёрдам бергани учун 21 ой шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шундай қилиб, суд Федерал прокуратура сўровларини қондирди. Иккала айбланувчи ҳам Германия, ҳам Россия фуқаролигига эга.

Европа эмбаргосининг бузилиши

Иш материалларидан маълум бўлишича, маҳкум эр-хотиннинг мижози Россияда ҳарбий мақсадлар учун материаллар ва бутловчи қисмлар, жумладан, Украинага қарши урушда рус қўшинлари томонидан қўлланилган “Орлан-10” дронини ишлаб чиқарган. Маҳкумлар томонидан унга етказиб берилган ва Европа Иттифоқи эмбаргосига дучор бўлган электр компонентлари ушбу дронларнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Россияга экспорт қилинадиган трансформаторлар, кучайтиргичлар ва транзисторлар каби компонентлар, масалан, Германияда сотиб олинди. Маҳкумлар ушбу материалларни Россияга жўнатишда, таркибий қисмлар Германияда қолган деган таассурот яратиш учун сохта олувчиларни кўрсатишган. Бироқ, сотиб олинган қисмлар, хусусан, Санкт-Петербургдаги компаниялардан бири томонидан етказиб берилди.

2022 йил февраль ойида Россиянинг Украинага қуролли босқинидан сўнг, Европа Иттифоқи Россия Федерациясига қарши санкцияларни кучайтирди ва маҳкум эр-хотин Туркия, Хитой ва БАА орқали Россияга таркибий қисмларни жўнатиб, ўзларининг бизнес моделларини мослаштирган. Россияга экспорт қилинган эҳтиёт қисмлар миқдори қарийб 875 минг еврони ташкил этган.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.