Германияда Россиянинг «Биринчи канали» ваколатхонаси ёпилди. Вазият кескинлашмоқдами
Россияга қарашли Биринчи канал вакиллари Германия ҳукуматидан мамлакатни тарк этиш бўйича расмий талабни олганликларини маълум қилишди. Бу ҳақда 27-ноябрь куни ДW «Биринчи канал»нинг Германиядаги мухбири Иван Благойга таяниб хабар бермоқда.
Благойнинг сўзларига кўра, немис ҳуқуқшуноси ҳужжатларни ўрганганидан сўнг, талабларга ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлаган. У Германия қонунларини бузмаганликларини ва мамлакат талаблари доирасида ишлаганликларини айтди. Благой бу қарорни Калининграддаги газ тақсимлаш станциясидаги портлаш иши бўйича немис фуқаросининг ҳибсга олиниши ҳақида тайёрланган репортаж билан боғлади.
«Биринчи канал» ижодий гуруҳи Калининграддаги воқеа билан боғлиқ бўлган шахс ҳақида материал тайёрлаш учун Гамбургда ишлаган. Уларнинг репортажида ушбу шахснинг Украина махсус хизматлари билан учрашган манзиллари кўрсатилган эди. Ушбу репортаж эфирга узатилганидан кўп ўтмай, Германия ҳукуматининг ваколатхонани ёпиш ва журналистларни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги талаби келиб тушган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Германиянинг ушбу қарорига жавобан Москвада ҳам шунга ўхшаш чоралар кўрилишини билдирди. «Бугун жавоб чоралари эълон қилинади», деди у. Германия Ташқи ишлар вазирлиги ва федерал матбуот хизмати бу масала бўйича изоҳ олиш учун мурожаатларга жавоб беришини маълум қилди.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) бир неча кун аввал Германия фуқароси Калининградга Полша орқали кириб, энергия инфратузилмасида саботаж уюштирмоқчи бўлганликда гумон қилиниб ҳибсга олинганини хабар қилган эди. ФСБ томонидан эълон қилинган видеода ушбу шахс машинасидан чиқарилиб, ерга ётқизилгани ва сўроқ қилингани акс этган.
Бу ҳолат бўйича Германия Ташқи ишлар вазирлиги қўлга олинган шахсга консуллик ёрдами таклиф этилганини ва Россия билан доимий алоқада эканликларини маълум қилди.
Мазкур вазият Россия ва Германия ўртасидаги дипломатик муносабатларни янада кескинлаштириши мумкин.
Шарҳлар