Германия билан таълим соҳасида янги лойиҳа йўлга қўйилади

Фото: uza.uz
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида “Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш секторлари учун касбий таълим” лойиҳаси янги раҳбари Виктор Вецел билан учрашув бўлиб ўтди. Унда томонлар ўртасида олий ва профессионал таълимни ривожлантириш жараёнини молиявий қўллаб-қувватлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

«2021–2024 йилларга мўлжалланган “Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш тармоқлари учун профессионал таълим” грант лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берилди. Лойиҳанинг асосий мақсади Марказий Осиёда профессионал таълим тизимининг салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда минтақадаги иқтисодий ўсиш тармоқлари учун малакали мутахассис ва раҳбарлар тайёрлаш экани қайд этилди», – дейилади хабарда.  

Мулоқот жараёнида Ўзбекистонда олий ва профессионал таълимни меҳнат бозори талабларига янада мослаштириш ва муҳим кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган яшил иқтисодиёт йўналишида янги лойиҳани ишлаб чиқиш имконияти кўриб чиқилган ҳамда 2025 йил апрель ойида Тожикистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган профессионал таълим йўналишида 3-халқаро конференцияда вазирлик вакилларининг иштирок этиши масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Якунда яшил иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланувчи энергия, янги технологияларни жорий этиш, шунингдек бу борада мутахассислар тайёрлаш бўйича янги минтақавий грант лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқишга келишилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.