“Гоя-Тошкент-Москва” йўналишида парвоз қилаётган йўловчи самолёти Афғонистонда ҳалокатга учради
Оммавий ахборот воситалари Афғонистон шимоли-шарқидаги Бадахшон провинциясида йўловчи самолёти ҳалокатга учрагани ҳақида хабар бермоқда. Ҳиндистондан Россияга учаётган самолёт 20 январь, шанба куни кечқурун ўзининг дастлабки йўналишидан оғиб, провинциянинг тоғли ҳудудларига қулаган.
Бадахшон провинцияси расмийлари ҳозирча самолёт тури ва бортдаги йўловчиларнинг аниқ сонини аниқлай олмади. Бадахшон ахборот ва маданият департаменти бошлиғи муҳандис Забиҳулло Амирийнинг Khama Press нашрига айтишича, воқеа жойига қутқарув гуруҳи жўнатилган, бироқ воқеа тафсилотлари ҳозирча ошкор этилмаган.
Бошқа бир манбага кўра, Ҳиндистон йўловчи самолёти Бадахшондаги Зебак туманининг баланд тоғларига урилган. Афғонистон оммавий ахборот воситаларининг аниқлик киритишича, воқеа Падакшан провинциясидаги тоғда содир бўлган. Россия пойтахти Москвага йўл олган самолёт кеча тунда радарлардан ғойиб бўлганди. Самолётда кўплаб ҳиндистонлик йўловчилар бўлгани маълум қилинади.
Аввалроқ Ҳиндистоннинг Гая шаҳридан Тошкентга учаётган самолёт ғойиб бўлгани ҳақида ёзган эдик.
Шарҳлар