«Google» компанияси жосуслик қилгани аниқланди
«Android» смартфонлар ўз эгаларининг жойлашган жойини ҳар 15 дақиқада Google компаниясига юбориб туради, деб хабар беради «Cybernews» компанияси.
Компания таҳлилчилари Андроид асосидаги «Google Pixel 9 Про Хl смартфонини харид қилиб, “тоза” аккаунт очган ҳамда кирувчи ва чиқувчи трафикни ўрганишга киришган. Аниқланишича, телефон ҳар 15 дақиқада Google серверлари билан боғланиб, фойдаланувчи ҳақидаги маълумотларни унга юбориб турган.
Хусусан, телефон мунтазам равишда ўз эгасининг жойлашган жойи, телефон рақами, электрон почта манзили, сўнгги ўрнатган иловалари рўйхати ҳақидаги маълумотларни компанияга юбориб турган.
Мутахассислар шунингдек, Андроид смартфони эгаси фойдаланмайдиган сервислар ҳақидаги маълумотларни юборишини ҳам аниқлашган. Масалан, ўрганувчилар тадқиқот пайтида телефон камераси ва галереясидан фойдаланмаган, бироқ қурилма фотосуратлар ҳақидаги хизмат бўйича компанияга маълумот юборган.
Бундан ташқари, синовдан ўтган қурилмада масофадан туриб бошқариш функцияси борлиги ҳам аниқланди. “Бу дегани, компания, агар истаса, оддий фойдаланувчилар қурилмасидаги созламаларни назорат қилиб, бирон бир ҳаракатни амалга ошириши мумкин”, – дейди «Cybernews» компанияси мутахассиси Арас Назаровас. У шунингдек, смартфон эгалари ўз қурилмалари устидан тўлиқ назоратга эга эмаслигини ҳам қайд этди.
Шарҳлар