Грузияда ер ўпирилиши натижасида 9 киши ҳалок бўлди
7 февраль куни кечаси Грузиянинг Нергети қишлоғида содир бўлган ер ўпирилиши тўртта тураржой биносини вайрон қилган.
Фавқулодда вазиятлар хизматининг 200 дан ортиқ ўт ўчирувчиси ва қутқарувчиси кинологлар ва техникалар ёрдамида кун давомида ўпирилиш зонасида қолган одамларни қидирган. Кун охирига келиб саккиз кишининг жасади топилган. 8 февраль куни яна бир қурбоннинг жасади топилди. Ўпирилиш қурбонлари орасида уч нафар вояга етмаган бола ҳам бор.
Ер ўпирилишлари Грузия қишлоқлари учун катта муаммога айланган. Ёмон об-ҳаво шароитида мамлакатнинг юзлаб қишлоқларидаги вазият ҳаёт учун хавф туғдиради. Кўп ҳолларда қишлоқлар билан боғлиқ аниқ геологик тадқиқотлар мавжуд бўлса-да, фожиалардан қочиб бўлмайди. Геологик тадқиқотлар қайси аҳоли пунктлари хавфли эканлигини кўрсатмоқда, бироқ кўп йиллар давомида вазият ўзгармаган. Ҳар бир кучли ёмғир минглаб одамлар учун ҳалокатли хавф туғдирмоқда.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш миллий агентлиги баёнотида таъкидланишича, сўнгги йилларда Грузияда ер ўпирилишлари жараёнлари тез-тез учрамоқда, бунга глобал иқлим ўзгариши ҳам сабабчи.
Ўзбекистон ҳам зилзилалар, сув тошқинлари, кўчкилар, сел ва қурғоқчилик каби қатор табиий офатларга мойил бўлиб, бу нафақат катта иқтисодий йўқотишларга, балки аҳолига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Ўзбекистон учун табиий офатлар хатарини молиялаштириш бўйича 2018 йилги Миллий эслатмада Ўзбекистонда табиий офатлардан кутилаётган йиллик иқтисодий йўқотиш 92 миллион АҚШ долларини ташкил этиши (мутлақ маънода Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткич) ҳисобланган.
2020 йилнинг апрель-май ойларида содир бўлган кучли сув тошқинлари Сурхондарё вилоятида 900 нафар аҳолини эвакуация қилишга мажбур қилганди, республиканинг бир қатор вилоятларида эса 70 мингдан ортиқ аҳоли жабрланганди. Ушбу ҳодисалар ва натижада юзага келадиган оқибатлар офатлар хавфини камайтиришни кучайтириш учун кўп хавфларни инобатга олувчи ёндашувларнинг муҳимлигини таъкидлайди.
Умуман олганда, республикада сел фаол бўлган сув оқимлари ҳавзалари майдони мамлакат умумий майдонининг 12 фоизини, тоғли ҳудуднинг 17 фоизи эса ер ўпирилишларига мойил. Уларнинг ҳолати Ўзгидромет ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматининг Хавфли геологик жараёнларни кузатиш бўйича ҳудудий станциялари томонидан мувофиқлаштирилган миллий гидрометеорология хизмати томонидан назорат қилинади.
Шарҳлар