Грузияда Одессадан Воронежга олиб кетилаётган портловчи моддалар солинган юк тўхтатиб қолинди
Грузия хавфсизлик хизмати Одессадан Россиянинг Воронеж шаҳрига бир қанча давлатлар, жумладан Руминия, Болгария ва Туркия орқали жўнатилиши мўлжалланган портловчи моддалар бўлган юкни қўлга олди, деб ёзади ТАСС. Грузия Давлат хавфсизлик хизмати портловчи мосламалар 19 январь куни “Сарпи” чегара пости орқали Украина фуқаросининг автомобилида мамлакатга олиб келинганини маълум қилди.
Дастлаб “Дарьяли” чегара пости орқали портловчи моддаларни Россияга олиб чиқиш режалаштирилган эди, бироқ ташкилотчилар режани ўзгартириб, учта портловчи мослама солинган битта контейнерни Тбилисида қолдиришга қарор қилишган. Россияга йўл олган юк Грузия расмийлари томонидан чегарани кесиб ўтишдан олдин қўлга олинган.
Хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, портловчи моддаларни олиб ўтишда Грузия, Украина ва Арманистон фуқаролари иштирок этган, уларнинг орасида Одесса области кенгаши депутатлигига “Слуга народа” партиясидан номзод Андрей Шарашидзе ҳам бор. Махсус хизмат ташкилотчилар эҳтимолий террорчилик ҳаракатлари учун айбни Грузия зиммасига юклашга ҳаракат қилганини таъкидламоқда.
Шарҳлар