Грузияда сайлов натижалари эълон қилинди, аммо норозиликлар давом этмоқда
Грузияда бўлиб ўтган парламент сайловларининг якуний натижалари Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланди. Протоколга МСК раиси Георгий Каландаришвили ва котиби Георгий Жаваҳишвили имзо чекди.
“Якуний протокол тузилди. Шу билан сайлов жараёни расмий равишда тугалланди”, -деди МСК раиси Каландаришвили.
Эълон қилинган маълумотлар дастлабки натижалардан фарқ қилмайди. Унга кўра, ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси овозларнинг 53,93 фоизини, яъни парламентдаги 150 ўриндан 89 тасини қўлга киритди.
Шунингдек, парламентга тўртта мухолиф куч — учта коалиция ва собиқ бош вазир Георгий Гахария бошчилигидаги партия ўтиши кутилмоқда.
Сайлов натижаларига нисбатан норозиликлар давом этмоқда. Парламентга кирган бирорта ҳам мухолифат партияси натижаларни тан олмаяпти ва уларни ҳукмрон партия томонидан халқдан “ўғирланган” деб атамоқда. Норозилик намойишлари ва маршлар мамлакат бўйлаб деярли ҳар куни ўтказилмоқда.
МСК мажлисида ҳам зиддиятли ҳолатлар юз берди. Мухолифат вакили Давид Киртадзе МСК раиси Каландаришвилига қора суюқлик сепиб юборди ва уни “мамлакатнинг қора доғи” деб атади.
Мазкур воқеа Каландаришвилининг Киртадзега чиқиш вақтининг тугагани ва бу сиёсий баёнот эканини таъкидлаб, нутқини бўлганидан кейин юз берди. Ҳодисадан сўнг мажлис бир неча дақиқага тўхтатилди. Каландаришвили кейинчалик кўзини боғлаган ҳолда мажлисга қайтди.
Шарҳлар