Гулнора Каримованинг қайтарилган активлари Ўзбекистонда болалар ўлимини камайтиришга йўналтирилади
Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган активларини қайтариш учун тузилган Uzbekistan Vision 2030 жамғармаси БМТнинг янги лойиҳасини молиялаштириш учун 43,5 млн доллар ажратди. Бу ҳақда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг сайтида маълум қилинди, деб ёзади “Газета” нашри.
БМТнинг Uzbekistan Vision 2030 кўптомонлама траст жамғармаси 2022 йил ёзида Гулнора Каримованинг Швейцариядаги жиноий иш жараёнида мусодара қилинган активларини қайтариш учун ташкил этилган. Ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистон ва Швейцария жамғарма орқали 131 миллион долларни қайтариш бўйича келишув имзолаган. Олинган маблағлар Ўзбекистон ҳукуматининг ислоҳотлар дастурини амалга оширишни жадаллаштириш ва мамлакатда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган дастурларни молиялаштиришга йўналтирилади.
«Активларни келиб чиққан мамлакатларга қайтариш БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясининг асосий тамойилидир. Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги реституция тўғрисидаги битим натижасида очилган жамғарма активларни Барқарор ривожланиш мақсадлари аниқ ютуқларига айлантириши бевосита Ўзбекистон фуқаролари ҳаётини яхшилашга имкон беради. БМТнинг ушбу лойиҳаси ўттиз ой ичида мамлакатда 600 000 нафар аёл ва янги туғилган чақалоқларни қамраб олади», — деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Консуэло Видал Брюс.
БМТ ваколатхонаси маълумотларига кўра, янги дастур учта агентлик: UNICEF, UNFPA ва ЖССТ томонидан биргаликда амалга оширилади. Унинг асосий мақсадларидан бири кам вазнли чақалоқларнинг омон қолиш даражасини ҳозирги 75 фоиздан 90 фоизга оширишдир.
Дастур учта йўналишдан иборат:
- 227 та перинатал марказларни бошқариш механизмлари, ёндашувлари, йўриқномалари ва клиник протоколларини мустаҳкамлаш;
- перинатал марказларнинг сифатли инклюзив соғлиқни сақлаш хизматларини кўрсатиш имкониятларини зарур жиҳозларни харид қилиш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш орқали такомиллаштириш;
- 10 миллионга яқин Ўзбекистон халқига, оналар, янги туғилган чақалоқлар, болалар ва ўсмирларга саломатлигини муҳофаза қилиш учун сифатли ва инклюзив, репродуктив хизматларини талаб қилиш учун билимлар бериш.
«Ўзбекистон фуқаролари жойларда замонавий жиҳозланган ва юқори малакали тиббиёт мутахассислари мавжуд перинатал марказлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлишининг ижобий таъсирини бевосита ҳис қилишади. Бу ҳамкорлик Ўзбекистон ҳукуматининг сезиларли ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган сиёсати давомидир. Биз чақалоқлар ўлимини икки баравар камайтириш бўйича ҳукумат стратегиясига эришишга ёрдам берадиган ушбу трансформатив ташаббусда БМТ ва Швейцария ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз», — деди Молия ва иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов.
Шарҳлар