Тошкент вилоятидаги мактабда Миллий гвардия ходимига жароҳат етказилгани айтилмоқда

Фото: Миллий гвардия

Хабарга кўра, ходим ўқувчилар ўртасидаги жанжал олдини олишга уринганида, улардан бири воқеа жойига акасини чақирган. Икки шериги билан келган ака эса Миллий гвардия ходимига жароҳат етказган.

«Жанжални Қўриқлаш тезкор гуруҳи тўлиқ бартараф этган ва ходимга қаршилик қилганларни қўлга олган. Ҳолат бўйича жиноят иши очилган», – дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Anhor.uz’га Миллий гвардия ахборот хизмати бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ирина Сайфутдинованинг айтишича,  ҳодиса жорий йилнинг 1 март куни соат тахминан 13-00 ларда Тошкент вилояти, Зангиота тумани, “Боғишамол” МФЙдаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган.

«Дастлабки суриштирув ишлари давомида ташқаридан мактаб ҳудудига кириб, жанжалга аралашган ва ходимларга фаол қаршилик кўрсатган фуқаро ушбу мактабнинг 10-синф ўқувчиси М.Б нинг акаси Тошкент вилояти, Зангиота туманида истиқомат қилувчи 20 ёшли И.Боқиев эканлиги маълум бўлган. Мазкур ҳолат бўйича Зангиота тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро И.Боқиев ЖПКнинг 221-моддаси асосида ушланиб, унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги масала ҳал қилинмоқда», – дейди Ирина Сайфутдинова. 

Шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан жиноятга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш борасида ҳам тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Ҳолат юзасидан Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан мазкур таълим муассасасида ўқувчиларнинг ота-оналари, педагог ходимлар, маҳалла еттилиги, сектор раҳбарларининг масъул вакиллари билан учрашув ўтказилиб, юқоридаги ҳолат атрофлича муҳокама қилинди ҳамда келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.