Тошкентда Қатар маданияти, ҳунармандчилиги ва миллий таомлари ҳафталиги бошланди
Пойтахтимиздаги “Tashkent City Park” мажмуасида “Қатар маданияти, ҳунармандчилиги ва миллий таомлари ҳафталиги” бошланди. Ҳафталик доирасида Қатар маданиятини акс эттирувчи концерт дастурлари ва кўргазмалар намойиш этилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси билан Қатар Амирлиги ўртасидаги маданий алоқалар ривожланиб бормоқда. Ўзбекистонда ўтказиб келинаётган халқаро фестивалларда Қатар вакиллари фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, 2018-2024 йилдаги Халқаро мақом санъати анжумани, 2019 йилда Халқаро бахши санъати фестивали, 2024 йилда ўтказилган “Шарқ тароналари” ХIII халқаро мусиқа фестивалида Қатар вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, Қатар Амирининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 2023 йилнинг 5 июнь куни “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қатар Давлати Ҳукумати ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисида” меморандум имзоланди.
2024 йилнинг 20-26 февраль кунлари эса Қатарнинг Доҳа шаҳрида “Ўзбекистон маданияти, туризми ва ҳунармандчилиги” кунлари катта муваффақият билан ўтказилди. Тадбирлар доирасида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Қатар маданият вазири Шайх Абдулраҳмон бин Ҳамад Ал-Тани ўртасида учрашув ташкил этилди.
Қатар маданияти, ҳунармандчилиги ва миллий таомлари ҳафталигидан кўзланган асосий мақсад ушбу давлат маданиятининг бой меросини, унинг мумтоз ва халқ амалий санъати, ижрочилик анъаналари, урф-одат ва маросимларини намойиш қилиш ҳамда ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдан иборат.
“Tashkent City Park” мажмуасида тадбирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Ушбу ҳафталик 14 октябрга қадар давом этиши кўзда тутилган.
Ҳафталикнинг очилиш маросимида Қатарнинг ранг-баранг маданий ландшафти, жумладан, санъати, номоддий маданий мероси намойиши, миллий мусиқа асбоблари, миниатюра ва бадиий, декоратив ҳамда амалий санъати йўналиши, шунингдек, гастрономик кўргазмалар ташкил этилди.
– Ушбу маданий ҳафталик Ўзбекистон Республикаси томонидан фаол қўллаб-қувватлангани эътиборга моликдир, – деди Қатар маданият вазири Шайх Абдулраҳмон бин Ҳамад Ал-Тани. – Бундай юксак ишончдан биз жуда миннатдормиз ҳамда катта масъулиятни ҳис этмоқдамиз.
Тадбир доирасидаги майдон томошалари, ҳунармандчилик ва гастрономик кўргазма томошасидан сўнг, майдонда ташкил этилган саҳнада Қатар санъат усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилади.
Ҳафталик давомида Ўзбекистонга ташриф буюрган Қатар маданият вазири Шайх Абдулраҳмон бин Ҳамад Ал-Тани ва Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди. Унда ҳамкорликнинг келгусидаги янги истиқболлари белгилаб олинди.
Шарҳлар