Дин ишлари бўйича қўмита огоҳлантириш билан чиқди
Дин ишлари бўйича қўмита Ҳаж зиёрати бўйича огоҳлантириш билан чиқди. Айтилишича, айримлар умра визаси, туристик (зиёрат) виза, бизнес виза билан ҳаж қилишни ваъда қилмоқда, бунинг мутлақо имкони йўқ.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг огоҳлантиришича, Саудия Арабистонида Ҳаж амалларини бажариш учун «Ҳаж-2024» визаси талаб этилади.
«Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, чет эл фуқаролари учун ҳаж ибодатини адо этишнинг асосий шарти ҳаж визасига эга бўлиш ҳисобланади. Қолган барча турдаги визалар (умра, туризм, бизнес, зиёрат ва б.лар) билан ҳаж тадбирини амалга ошириш Саудия қонунчилигига кўра қатъиян тақиқланган ва тегишли тартибда жазоланади», – дейилади хабарда.
Ўзбекистон учун ажратилган ҳаж квотаси фақатгина Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этиладиган Ҳаж сафарига отланган зиёратчиларга ажратилган.
Муборак сафарларга ноқонуний йўллар билан боришга интилиш 6 ой қамоқ жазоси, Саудия Арабистонидан депорт қилиш ва Саудия Арабистонига ҳар қандай виза билан 10 йил муддатга киришни тақиқлаш ҳамда 100.000 саудия риёли (26.000 АҚШ доллари) миқдорида жарима солишга олиб келади.
Шарҳлар