«Халқ банки»да 3,8 млрд сўм миқдорида талон-тарожлик аниқланди

Источник: Anhor.uz

Сирдарё вилоятининг Ховос туманида жойлашган “Халқ банки” филиалида 2020 йилдан буён 3,8 миллиард сўм миқдорида талон-тарожлик қилингани ҳолати аниқланди. Банк қонунбузарликларни аниқлаб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълум қилди, дея хабар беради Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг матбуот хизмати.

Сирдарё вилоятида ДХХ бошқармаси томонидан банкнинг ички аудит ҳамда ички назорат ва комплаенс департаментлари билан биргаликда аудиторлик текшируви ўтказилган.

Текширув давомида 2020-2023 йилларда ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки умуман расмийлаштирмасдан, шунингдек, сохта маълумотлардан фойдаланган ҳолда жами 3,8 миллиард сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилиб, талон-тарож қилингани аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Банк филиали ходимларидан бири ҳибсга олинган.

“Халқ банки” ўз баёнотида ходимлар томонидан содир этилган қонунбузарликлар банк масъул шахслари томонидан аниқлангани ва бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига хабар қилингани айтилган. Шунингдек, банк журналистлар ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини банк ходимларининг ўзлари ҳуқуқбузарлик содир этганликлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларига маълумот узатган ҳолатларни “нотўғри талқин қилиш орқали кенг жамоатчилик орасида бирёқлама фикрларни келтириб чиқармасликка” чақирган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.