Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорликда коинотга сунъий йўлдошлар гуруҳини учиришни режалаштирмоқда
Рақамли технологиялар вазирлиги делегатсияси жорий йилнинг 2—3 сентябрь кунлари Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия (ЭСКАТО) томонидан Остона шаҳрида ташкил этилган “Рақамли инклюзия ва трансформация бўйича Осиё – Тинч океани вазирлар конференцияси”да иштирок этиш учун хизмат сафарини амалга оширди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу тадбир доирасида вазир Шерзод Шерматов Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Ж.Мадиев билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида ҳамкорлик истиқболларига эътибор қаратилди. Шунингдек, рақамли кўникмаларни ўқитишни таъминлаш, рақамли инклюзивлик ва рақамли трансформация бўйича минтақавий ҳамкорлик ҳолати ва уни мустаҳкамлаш бўйича масалалар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, рақамли инновацияларни жадаллаштириш учун зарур минтақавий ҳамкорлик режаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, икки мамлакат иштирокида космосга ўзаро сунъий йўлдошлар гуруҳини учириш бўйича ҳамкорликни амалга ошириш масаласини ўрганиш ва таҳлилий маълумотларни жорий йил якунига қадар таҳлил қилиб, таклифларни белгилаб олиш муҳокама қилинди.
Шарҳлар