Мудофаа вазирлиги Тошкент кўчаларида ҳарбий техникалар ҳаракатланиши ҳақида огоҳлантирди
Мудофаа вазирлиги Тошкент вилояти ва пойтахт аҳолисини огоҳлантириб, хабар эълон қилди.
Бугун, 6 апрель куни Оʻзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг асосий тадбирлар режасига мувофиқ, Тошкент ҳарбий округи қўшинлари бўлинмалари иштирокида махсус-тактик ўқувлар бошланди.
“Бўлинмаларнинг жанговар шайлигини янада ошириш, ўзаро уйғунлик ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳамда профессионал даражада ҳаракатланиш кўникмалари ва тайёргарлигини ҳар томонлама баҳолаш мақсадида ташкил этилган тактик ўқувларда ҳарбий округ қўшинлари бўлинмаларининг зирҳли техникалари, ҳарбий енгил зирҳли ва юк автомобилларининг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг белгиланган маршрутлари бўйича ҳаракатланиши режалаштирилган”, — дейилади хабарда.
Ҳарбий техникалар ҳаракати вақтида ҳайдовчиларга йўл-ҳаракати қоидалари ва ҳаракат хавфсизлигига қатъий риоя қилиш тавсия қилинади.
Шарҳлар