Хатирчида 8 ёшли қизнинг ЙТҲда вафот этиши юзасидан батафсил маълумот берилди
1 июль куни соат тахминан 18:50ларда фуқаро Н.А. ўзининг бошқарувида бўлган “BYD SONG” русумли автомобилини Хатирчи тумани ҳудудидан ўтувчи йўлдан “Зарафшон-Янгирабод” йўналиши бўйича бошқариб бораётиб, ўзи билан бир йўналишда кетаётган (ўзига олдиндан таниш бўлмаган) фуқаро Ф.А. бошқарувидаги “BYD SONG” русумли автомобил билан бир-биридан қувиб ўтишга ҳаракат қилган.
Улар ўзаро қувишиб, ушбу йўлнинг Хатирчи туман тиббиёт техникуми ёнидан ўтган қисмида, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлнинг ўнг томонидан чап томонига кесиб ўтаётган пиёда, 2016 йилда туғилган Ш.Ш.ни дастлаб фуқаро Н.А. бошқурувидаги автомобил билан туртиб ўтиб, сўнгра, фуқаро Ф.А. ўз бошқарувидаги автомобил билан уриб-босиб ўтган ва йўл-транспорт ҳодисасини содир этишган.
Натижада, вояга етмаган Ш.Ш. мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида олган тан жароҳатлари сабабли ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур холат юзасидан фуқаролар Н.А. ва Ф.А.ларга нисбатан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
4 июль куни жиноят иши юзасидан фуқаролар Н.А. ва Ф.А.ларга нисбатан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айблов эълон қилиниб, шу куни Жиноят Процессуал Кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган ва 5 июль куни уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
ЙТҲ натижасида вафот этган вояга етмаган Ш.Ш. 2016 йилда Хатирчи туманида туғилган. Тумандаги 14-сонли мактабнинг 2-синф ўқувчиси бўлган. Онаси M.Ш. “Янгирабод” МФЙда яшовчи бобосиникига бир кун олдин қизалоқни олиб келиб, ўзи Тошкент шаҳрига ишлаш учун кетган.
Бобо ҳамда буви 2010 йилда туғилган ўғли, тумандаги 14-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Н.Т. ҳамроҳлигида қизалоқни истироҳат боғига сайрга бориб келишига рухсат берган.
Ҳолатга кўра, 2010 йилда туғилган Н.Т. аввал ўзи пиёдалар ўтиш жойидан ўтган ва бироз ортда қолган, ҳали ўтишга улгурмаган қизалоқни чақирган. Қизалоқ транспорт воситаларининг ҳаракатига эътибор бермасдан, пиёдалар ўтиш жойига югуриб чиққан ва кўнгилсиз ҳодиса содир бўлган.
Шарҳлар