Хитой дунёда биринчи бўлиб “Толибон” вакилини Афғонистон элчиси сифатида қабул қилди
Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин толиблар томонидан тайинланган Афғонистон элчисидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди, деб хабар беради Хитой Ташқи ишлар вазирлиги.
Пекиндаги Афғонистон элчихонасига “Толибон” расмий вакили собиқ ўринбосари Билол Каримий раҳбар бўлди, у Хитой пойтахтига 2023 йил ноябридаёқ келганди.
Ўтган йил декабрида ОАВда Афғонистоннинг янги элчиси Хитойда иш бошлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлганида, Хитой ТИВ расмий вакили Ван Вэньбинь журналистларнинг бу Пекин Афғонистон Ислом Амирлигини тан олишини билдириш-билдирмаслиги ҳақидаги саволларига очиқчасига жавоб бермаган эди.
Аммо у Хитой доим “Афғонистон халқаро ҳамжамиятдан ажратиб қўйилмаслиги керак” деган фикрда бўлганини қайд этганди.
Ишонч ёрлиқларини тантанали топшириш маросими 30 январь куни Пекиндаги Халқ мажлислари саройида бўлиб ўтди. Унда 42 та мамлакат элчилари давлат раҳбарига дипломатик ҳужжатларни топширди, шундан кейин де-юре ўз лавозимларига киришди.
Хитой “Толибон” билан олий дипломатик даражада алоқа ўрнатган дунёдаги илк мамлакатга айланди. Ўтган йил сентябрида Хитой ҳукумати “Толибон” ҳокимият тепасига келганидан кейин жаҳонда биринчи бўлиб ўзининг Кобулдаги элчисини тайинлаган эди.
Шарҳлар