Хитой Украинага қаратилган огоҳлантириш билан чиқди
Киев Хитой компанияларини “уруш ҳомийлари” деб тан олиши туфайли, икки томонлама алоқаларга путур етиши мумкинлиги ҳақида Хитой Украинани огоҳлантирди, дея хабар бермоқда Reuters украиналик манбаларига таяниб.
Агентлик маълумотларига кўра, огоҳлантириш январь ойида Хитойнинг Киевдаги элчиси Фань Сяньжун томонидан Украина ҳукумати юқори мансабли амалдорлари билан учрашувда айтиб ўтилган.
“Элчи буларнинг барчаси муносабатларимизга салбий таъсир қилиши мумкинлигини маълум қилди”, — деди манбалардан бири.
Reuters қайд этишича, айни пайтда Украинанинг “халқаро терроризм ҳомийлари” рўйхатига турли мамлакатлардан 48 та фирма киритилган бўлиб, уларнинг 14 таси Хитой компаниялари. Киев ўтган йил октябрида Хитойнинг нефт-газ соҳасидаги CNPC, Sinopec Group, CNOOC каби бир қатор фирмаларини рўйхатга қўшганди.
Нашр маълумотларига кўра, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Хитой компанияларининг бу рўйхатга киритилишига қарши чиқади ва Украина “зудлик билан ўз хатосини тузатиб, салбий оқибатларни бартараф этиши”ни талаб қилмоқда.
Манбалар қўшимча қилишича, Пекин Украинага ҳеч қандай талаблар қўймаган, шунчаки рўйхатга нисбатан ўз фикрини билдирган.
Шарҳлар