Хива шаҳрида “Қовун сайли” фестивали бўлиб ўтмоқда
Хива шаҳридаги қадимий “Ичан қалъа” мажмуасида анъанавий “Қовун сайли” фестивали бўлиб ўтмоқда.
Фестивал учун “Полвон” дарвоза олди, “Аллея” майдонининг 4 гектарида 60 та павилон ташкил қилиниб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, Хоразм вилоятидаги 13 та шаҳар ва туман ҳокимликлари, ўз ҳудудларида етиштирилган мева-сабзавотлар, полиз экинлари қовун маҳсулотларининг “Гурвак”, “Қиличбой бешак”, “Қариқиз”, “Туя қовун”, “Тўёна”, “Ола замча”, “Хоразм оқ новвоти”, “Кўк гулоби”, “Бўрикалла” каби маҳаллий қовунларнинг 125 га яқин навлари намойиши ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
“Туризм соҳасини ривожланишига бевосита таъсир кўрсатаётган яна бир йўналиш бу агротуризм ҳисобланади. Ҳар йили айни қовун пишиғи мавсумида ўтказиладиган “Қовун сайли” фестивали охирги икки йил давомида халқаро даражада ўтказилиб келинаётганлиги алоҳида эътирофга лойиқ. 2023 йилда ўтказилган фестивал доирасида 200 минг нафардан ортиқ маҳаллий ва 15 минг нафарга яқин хорижий сайёҳлар ижтироки қамраб олинган бўлса, бу йилги фестивал доирасида 400 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ва 30 минг нафар хорижий сайёҳларининг иштироки кутилмоқда. Ушбу рақамлар келгуси йилларда вилоятнинг туризм ва хизматлар соҳасидаги асосий драйвери бўлади”, – деб таъкидлади У.Шадиев.
Фестивал 12 августгача давом этади ва фестивалнинг кейинги кунларида бир қанча гастрономик тадбир ва томошалар режалаштирилмоқда ҳамда тадбирнинг сўнгги кунида:
– “Қовунчиликда энг юқори даромад ва ҳосилдорликка эришганлик учун”;
– “Қадимий анъанавий Хоразм қовунлари навларини тиклаш”;
– “Қовунчиликда инновацион технологиялар жорий қилганлиги учун”;
– “Энг кўп турдаги қовун етиштирган ҳудуд” номинациялари бўйича баҳолаш, фольклор жамоалари чиқишлари бўлиб ўтади.
Шарҳлар