Ҳокимлик “Аёллар дафтари” маблағидан машина харид қилди
Сурхондарё вилояти Ангор тумани ҳокимлиги балансидаги 75 026 DAV давлат рақамли “Captiva-2” русумли хизмат машинаси ЙТҲ натижасида носоз ҳолатга келиб қолганлиги сабабли ушбу транспорт воситасини аукцион орқали 120 млн сўмга сотган.
Хабарга кўра, “Бундан сўнг Ангор тумани ҳокими янги автотранспорт воситаси хариди учун 349 млн сўм ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиб, ушбу қарор асосида туман ҳокимлиги 349 млн 900 минг сўмга бир дона “Captiva-5” автотранспорт воситасини харид қилган”.
Маълумотларга кўра, туман ҳокимлиги мазкур давлат харидини “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширган. Шунингдек, туман ҳокимлигининг МИБ органларидаги умумий қарздорлиги эса 1,4 млрд. сўмни ташкил этган.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, туман ва шаҳар ҳокимлари учун фақат битта дона, қиймати 1 000 БҲМгача бўлган яъни 340 миллион сўмгача хизмат автотранспорт воситаси харид қилиниши мумкин.
Шарҳлар