Хоразм вилоятида уч киши канализация қудуғида ҳалок бўлди
Хоразм вилоят прокуратураси берган маълумотга кўра, 27 август куни соат тахминан 17:20 да “102” хизматига канализация қудуғида заҳарланиб ўлган уч нафар фуқаро ҳақида хабар келиб тушган, деб ёзади UzNews нашри.
Воқеа Урганч тумани, Чоткўпир қишлоғи, “Орзу” маҳалласида содир бўлган. Х. Шукуруллоев, О. Курбанов ва Ш. Курбановлар кўп қаватли уйлардан чиққан канализация сувларини ҳайдаб чиқариш учун мўлжалланган канализация камерасига тушган, бироқ хавфсизлик қоидаларига амал қилинмагани боис камера ичида тўпланиб қолган заҳарли газдан заҳарланиб, ҳодиса жойида вафот этишган.
Улар бир-бирини қутқариш учун кетма-кет қувурга тушган. Тўртинчи бўлиб тушиб, ҳушидан кетган фуқарони эса арқон билан тортиб қутқариб қолишган.
Ҳолат бўйича фикр билдирган аҳоли ҳокимликка ҳар йили 2-3 марталаб мурожаат қилишлари, аммо ушбу масала бўйича амалий ёрдам кўрсатилмай келинаётганини айтишган.
Мазкур ҳолат бўйича 27 август куни ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар