Хоразмда ис газидан захарланган талаба ака-сингиллар ҳаёти сақлаб қолинди

Фото: хабар.уз

13 декабрь куни соат тонгги 04:38 да Урганч шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимида хизмат қилаётган профилактика инспекторига қўнғироқ бўлади. Унда Урганч шаҳар 4 даҳа 17/2 уйда яшовчи фуқаро Сохиба Йўмитбаева ўзларидан пастки қаватдаги хонадондан қиз боланинг ёрдам сўраб қичқираётган овози эшитилаётганлигини хабар қилади. Бу хақда Anhor.uzга Хоразм вилояти ИИБ матбуот хизмати рахбари Зокир Исмоилов хабар қиляпти.

Мазкур хабарга асосан айтилган манзилга етиб борган Ички ишлар органлари профилактика инспекторлари уй эшигини ҳеч ким очмагач Фавқулотда вазиятлар бошқармаси ходимларига хабар берадилар ва ҳамкорликда хонадонга кириб, ичкаридаги фуқароларнинг ис-газидан заҳарланганликларини аниқлайдилар.

«Ушбу фуқаролар Навоий вилояти Учқудуқ туманида яшовчи, ҳозирда бу ерда вақтинчалик яшаётган Урганч давлат университетининг талабалари 24 ёшли ака ҳамда унинг ҳудди шу манзилда яшовчи 21 ёшли синглиси ис газидан заҳарланиш натижасида хушини йўқотганлиги аниқланди», – дейди Темурбек Саидов,  ҳудуд профилактика инспектори.

Эл-юрт тинчлиги, осойишталиги йўлида тун-у кун хизматга шай профилактика инспекторлари яъни соха масъуллари фуқароларни шифокорлар қўлига топширганликлари маълум қилинди.

Шундан келиб чиққан холда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи Урганч давлат университети талабалари билан учрашиб, ушбу кутилмаган вазиятда икки нафар талабанинг хаётини сақлаб қолишда муносиб хисса қўшган Сохиба Йўмитбаевага миннатдорчилик билдириб, эсдалик совғаларни топширган.

Шунингдек ўз хизмат вазифаларини бажаришга сидқидилдан ёндашиб, икки нафар талабанинг ҳаётини сақлаб қолишга муносиб хисса қўшганликлари учун профилактика инспектори майор Мансурбек Мадрахимов ва капитан Темурбек Саидовларнинг фидойилиги Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва Урганч давлат университети ректори томонидан юксак эътироф этилиб, рағбатлантирилган.

«Фурсатдан фойдаланиб юртдошларимиздан, уйларини иситишда хавфсизлик қоидаларига амал қилишларини, носоз ва қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланмасликларини сўраб қоламиз», – дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.