Хоразмда истеъмолга яроқсиз алкогол маҳсулотлари савдосига чек қўйилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Хонқа туманида яшовчи фуқаро Х.Х., ўзига тегишли бўлган омборхонада маҳсус ҳужжатларсиз 7 турдаги жами 1 857 дона қалбаки акциз маркали алкогол маҳсулотларини сотиш мақсадида сақлаб қўйилганлиги аниқланиб, ушбу алкогол маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Департаментнинг Янгиариқ туман бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний алкогол маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келган фуқаролар И.Ғ., С.Б. ва R.Sh.lar яшаш уйида хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб, қўлбола усулда “Органик”, “Қоратау”, “Русская”, “Добрая” номли алкогол маҳсулотларини ишлаб чиқараётганлиги аниқланиб, улардан 8 300 дона акциз марка, 3 018 дона шиша қопқоқлари, 225 литр спирт, сотиш учун тайёрланиб қўйилган 4 турдаги 1 436 дона қалбаки акциз маркали алкогол маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шарҳлар