Хоразмга сайёҳлар чекловларсиз ташриф буюриши учун “Ўзбекистон – иккинчи уйим” виза тизимини яратиш режалаштирилмоқда
1 март куни Урганч шаҳрида Хоразм вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича галдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Сайёҳларга бир йил давомида чекловсиз Хоразмга кириш учун “Ўзбекистон – менинг иккинчи уйим” виза тизими жорий қилинади. Урганч шаҳрида “Лазги” ва “Авесто” музейи ташкил қилинади. Меҳмонхона ва дам олиш масканлари қуриш, мавжуд ўринларни кўпайтириш учун имтиёзли кредитлар берилади.
Хоразмда кичик ва ўрта бизнесни янада қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли шартларда 100 миллион доллар ажратилиши маълум қилинди. Бунинг ҳисобидан 5 минг 500 тадбиркорга кўмак бериб, 50 минг доимий иш ўрни ташкил этиш мумкинлиги айтилди.
Ҳазорасп эркин иқтисодий зонасидан самарали фойдаланиб, саноат лойиҳаларини жойлашатириш, Урганч туманида Технопарк ташкил қилиш вазифаси қўйилди.
Хоразмда Хитой тажрибаси асосида “уй саноати” ривожлантирилади. Масалан, Боғот, Янгиариқ, Янгибозор, Қўшкўпир ҳамда Урганч туманларида жун ва пиллани қайта ишлаш, Ҳазорасп, Хива, Тупроққалъа ва Хонқада гилам тўқиш оммалашган. Бу йўналишлар қўллаб-қувватланиб, ипакчилик ва гиламчилик кооперациялари ташкил қилинади. Хонадонларда ихчам ускуналар ўрнатиш учун 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.
Хизматлар соҳаси ривожланиши учун транспорт инфратузилмасини яхшилаш зарур. Шу боис Урганч ва мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларига авиачипта нархини арзон қилиш учун 30 миллиард сўм субсидия берилади. Авиақатновлар кўпайтирилади.
Электр тармоқлари, подстанция ва трансформаторларни янгилаш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилади. Вилоятдаги 233 километр йўл таъмирланади. 322 та маҳаллада ички йўллар яхшиланади.
Хоразмдаги олий таълим муассасаларида хорижий дастурлар жорий қилиниб, талабаларнинг халқаро квалификация олиши таъминланади. Шифохона ва поликлиникаларда такрорланадиган вазифалар мақбуллаштирилади. Эшитишда нуқсони бор 500 нафар бола кохлеар аппарати, яна 2 минг нафари эшитиш мосламаси билан таъминланади.
Умуман, йиғилишда белгиланган чора-тадбирларга 1,1 миллиард доллар ва 10 триллион сўм йўналтирилиши таъкидланди.
Шарҳлар