Хоразмлик фуқаро ИИБдаги калтаклар ва қийноқлар ҳақида маълум қилди
Хоразм вилояти Гурлан тумани ички ишлар бўлими қийноқ ва калтакланиш ҳолатлари ҳақида гапирган маҳаллий фуқаро Шерзод Йўлдошевни ҳибсга олиш ва сўроқ қилишда иштирок этган ходимлар устидан ички текширув ишларини бошлади. Терговга қадар текширув маҳаллий прокуратура томонидан ҳам амалга оширилмоқда, деб ёзади “Медиазона” нашри.
Йўлдошевнинг сўзларига кўра, у 4 август куни қаҳвахонада ўтказилган тадбирдан чиқиб, уйига бориш учун ўзига номаълум ёшлар билан бирга машинага ўтирган. Бироқ Йўлдошев ҳайдовчи ва икки йўловчи марихуана чекаётганини кўрган, шундан сўнг машинадаги тўрт нафар фуқаро ҳам жиноят қидирув бўлими томонидан қўлга олинган.
Ички ишлар бўлимидаёқ бўлим бошлиғи машинадан топилган гиёҳванд моддалар Йўлдошевга тегишли эканлигини таъкидлай бошлаган. Бунда бошқа қўлга олинган бошқа шахснинг сўзларига таянган. Жабрланувчининг сўзларига кўра, уни бир соатча танаффуслар билан эрталабгача калтаклашган ва қийноққа солишган. Бундан унинг бош ва тизза соҳаларида кўкарган жойлар қолган.
Эртаси куни, 5 августда жабрланувчи экспертиза учун олиб кетилган ва шундан сўнг ИИБ ходимлари қийноқлар ҳақида жим юришни талаб қилишган. Йўлдошевни калтаклаган ходим унга нисбатан ҳеч қандай куч ишлатилмагани ҳақида ариза ёзишга мажбурлаган. Кейин ҳибсга олинган шахс ҳеч қандай айбловсиз қўйиб юборилган.
Уйга қайтган Йўлдошев ўзини ёмон ҳис қилган ва тез ёрдам чақирган, шундан сўнг у касалхонага ётқизилган. Йўлдошев ва унинг онаси прокуратурага ариза билан мурожаат қилган. Суд-тиббий экспертизаси унинг 11 та тан жароҳатини тасдиқлади. Жабрланувчининг фикрича, милиция ходимлари ўз ишининг кўрсаткичларини ошириб кўрсатиш мақсадида уни калтаклашган.
13 август куни Хоразм вилояти ИИБ Йўлдошев ва яна бир неча киши маҳаллий аҳолининг аризасига кўра қўлга олингани ҳақида расмий баёнот берган эди. Шунингдек, улар милиция бўлимидан озод этилганидан сўнг, ҳибсга олинганлар тиббий кўрикдан ўтказилгани, қийноққа солинганини даъво қилган шахсдан ҳеч қандай жисмоний шикастланишлар аниқланмагани айтилган.
Бундан ташқари, ИИБ Шерзод Йўлдошев бундан олдин гиёҳванд моддалар савдоси учун уч йилга озодликдан маҳрум этилганини ҳам эслатади. Шу билан бирга, жабрланувчининг ўзи ҳам ўтмишда жиноят содир этганини инкор этмаяпти, чунки бу жинояти учун у аллақачон муносиб жазоланган.
Шарҳлар