Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасидаги давлат улуши Abu Dhabi Uzbek Investment инвестиция фонди томонидан сотиб олинади
Давлат активларини бошқариш агентлиги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасининг 100 % давлат улушини сотиш бўйича келишувга эришди. Танловда Abu Dhabi Uzbek Investment МЧЖ ҚК ғолиб деб топилди. Компания Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда Абу-Даби тараққиёт жамғармаси томонидан президентнинг 20.05.2019 йил ПФ-5722-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган.
Битим 87 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Тавсия этилган нарх юқори нарх диапазонида жойлашган бўлиб, аввал меҳмонхона мустақил тарзда баҳоланган нархдан сезиларли даражада баландроқ деб топилди.
Инвесторни танлашда таклиф этилажак энг яхши нарх, малака талабларига мувофиқлиги, минтақадаги тажриба, битимни ёпиш шартлари ҳисобга олинди. Маркетинг кампанияси ва хорижий ва маҳаллий инвесторларга сармоя тизерини тарқатиш натижасида Давлат активларини бошқариш агентлигига Америка, Осиё, Европа ва Ўзбекистон компанияларидан 5 та ариза келиб тушди.
Битимни тўғри ташкиллаштиришда Катта тўртликка кирувчи халқаро компаниялар иштирок этди ва хизмат кўрсатди: давлат улушини PricewaterhouseCoopers баҳолади, KPMG Valuation and Consulting эса маслаҳатчи сифатида фаолият юритди. Abu Dhabi Uzbek Investment таклифи юқори нарх диапазонида бўлиб, меҳмонхонага мустақил тарзда берилган нархдан сезиларли даражада баланд бўлди.
«Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасининг хусусийлаштирилиши Ўзбекистоннинг туризм соҳасига тўғридан-тўғри сармоя киритиш соҳасидаги муҳим воқеадир. Уни бошқа кўплаб битимлардан ажратиб турадиган жиҳати шундаки, давлат улушини сотиб олиш кредитлар ёки бошқа жалб қилинган маблағлар ҳисобига эмас, балки фақат инвесторнинг ўз капитали ҳисобидан амалга оширилади. Тўлов олди-сотди шартномаси имзолангандан кейин битта тўловда амалга оширилади. Бундан ташқари, Abu Dhabi Uzbek Investment меҳмонхонага 12 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш мажбуриятини олади. Abu Dhabi Uzbek Investment компанияси Ўзбекистонга узоқ муддатли истиқболда қарайди. Режаларимизда бир неча йил ичида Ўзбекистон иқтисодиётига 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ жалб этиш», — деди Abu Dhabi Uzbek Investment бош директори Тимур Рахманов.
Томонлар олди-сотди шартномасини ғолиб Hyatt International меҳмонхоналари халқаро тармоғи бошқаруви томонидан тасдиқланганидан сўнг имзолайдилар.
Abu Dhabi Uzbek Investment МЧЖ ҚК капитали 1 миллиард АҚШ долларини ташкил этган сармоявий компания ҳисобланади. Жорий йил охирига қадар компания Ўзбекистондаги инвестиция портфелини 100 миллион доллардан 200 миллион долларга оширишни режалаштирмоқда. Abu Dhabi Uzbek Investment лойиҳалари орасида Самарқандда AC by Marriott халқаро тармоғи меҳмонхонаси қурилиши ҳам бор. Айни пайтда жамғарма томонидан 300 миллион АҚШ долларилик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Шарҳлар