ИҲТ давлатлари экологик ҳамкорликни кучайтириш йўлида бирлашмоқда
2024 йил 16 ноябрь куни Бокуда, Ўзбекистон Миллий павилёнида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича CОП29 конференцияси доирасида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) экологик муаммолар бўйича ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда ИҲТ Бош котиби Асад М. Хон, Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Обиджон Қудратов ҳамда ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилишда ИҲТ давлатлари вакиллари экологик ҳолат юзасидан ҳисоботлар тақдим этди. Шунингдек, экологик барқарорликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган ташаббуслар муҳокама қилинди.
“ИҲТ минтақаси ноёб экотизимлари ва сув ресурсларига бой бўлишига қарамай, қурғоқчилик ва сув тошқинлари каби хавф-хатарлар билан юзлашмоқда. Ушбу муаммолар минтақа давлатларини барқарор келажак учун бирлашишга ундамоқда. Ўзбекистон экология масалаларида ҳар доим ҳамкорлик тарафдори бўлиб келган,” — деди Обиджон Қудратов.
Муҳокамаларда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, чўлланишга қарши курашиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга оид лойиҳалар илгари сурилди. Илмий тадқиқотларни кучайтириш ва илғор технологияларни алмашиш зарурлиги таъкидланди.
ИҲТга аъзо давлатлар экологик муаммоларга қарши курашда ўзаро саъй-ҳаракатларни янада самарали мувофиқлаштиришга келишиб олдилар.
Шарҳлар