Ҳибсга олинган мулкни реализация қилишга кимга рухсат берилади
Президентнинг 2024 йил 3 январдаги ПФ-1-сон фармонига асосан 2024 йил 1 апрелдан бошлаб:
- Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш доирасида олиб қўйилган мол-мулкни реализация қилиш фақат мулкни қабул қилишдан тортиб, то сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилишнинг электрон тизимини жорий қилган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
- Ҳибсга олинган мол-мулкни сотиш нуқталарини танлашда биринчи ўринга интернет-дўконлар орқали сотиладиган савдо ташкилотларига берилади.
Ушбу қоида суд ва ижро ҳужжатларига мувофиқ ижро этилиши шарт бўлган олиб қўйилган мол-мулкни сотиш тартибини белгилайди. Савдо ташкилотлари тўғрисидаги маълумотлар Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан юритиладиган реестрда акс эттирилади.
Қайта ташкил этиш, тугатиш ёки банкрот бўлиш арафасида турган, олти ой давомида фаолият кўрсатмаётган, солиқ қарзи бўлган, шунингдек, мол-мулк ҳаракатини мониторинг қилишнинг электрон тизимини жорий қилмаган ташкилотлар олиб қўйилган мол-мулкни сотишда иштирок эта олмайди.
Ҳибсга олинган мол-мулкини сотмоқчи бўлган савдо ташкилоти Бюрога ЯИХДПдаги шахсий кабинети ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали мурожаат қилади. Мурожаатни кўриб чиқиш натижалари кейинги иш кунидан кечиктирмай реестрга жойлаштирилади.
Агар ариза берувчи электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрига киритилган бўлса, аризада унинг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилганлиги санаси, рақами ва солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилади.
Бюронинг савдо ташкилоти ва ҳудудий бошқармалари ўртасида бир йил муддатга узайтириш ҳуқуқи билан мулк олди-сотдиси бўйича хизматлар кўрсатиш шартномаси тузилади. Давлат ижрочиси олиб қўйилган мол-мулкни шартнома имзоланган кундан бошлаб беш иш куни ичида топшириш далолатномаси асосида тегишли савдо ташкилотига сотиш учун беради. Ҳужжат 2024 йил 22 январдан кучга кирди.
Шарҳлар