Ичимлик суви тармоқларига ноқонуний, манфаат топиш учун уланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади

Водопроводный кран
Фото: freepik.com

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълум қилди.

Биринчидан, фуқаролик қонунчилигига асосан ичимлик суви тармоғига зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар қуйидагича

Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасидаги етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги Қонуннинг 52-моддасига асосан қопланади.

Яъни, бунда мазкур модданинг иккинчи қисмига кўра ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизимларидан фойдаланиш қоидаларига жисмоний ва юридик шахслар томонидан риоя этмаганлик, шу жумладан ушбу тармоқларга, иншоотларга шикаст етказганлик, таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга оширишга монелик қилганлик, сув объектларини ифлослантирганлик натижасида етказилган зарарнинг ўрни айбдор шахслар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Иккинчидан, ичимлик сув таъминоти соҳасида жиноий жавобгарлик

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг “Ўзгалар мулкини ўғрилик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 1999 йил 30 апрелдаги 6-сон қарорининг 1-бандига кўра жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлсада, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғрилик ҳисобланади. Бордию жабрланувчи ёки бошқалар мол-мулкининг олинаётганлигини кўрган бўлсада, лекин айбдор билдирмасдан ҳаракат қиляпман деб ўйлаган бўлса, бундай қилмишни ҳам ўғрилик деб тавсифлаш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси иккинчи қисмини “д” ва “е” бандларига асосан ўғрилик:

д) умумий фойдаланишдаги водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд совуқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан;

е) умумий фойдаланишдаги водопровод тармоқларига сув таъминоти ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари томонидан олдиндан тил бириктириб, тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд совуқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

«Бугунги кунга қадар иккита ҳолатда, фуқароларга нисбатан айни йўналишда жиноий иш очилиб, 3 ва 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш чоралари кўрилди», – дейилади хабарда.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ичимлик суви тармоқларига ноқонуний, манфаат топиш мақсадида уланиш эндиликда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Шундай экан, ичимлик сувидан ноўрин фойдаланиш, ноқонуний уланиш, уни беҳудаги исроф қилиш нафақат бебаҳо ресурсга нисбатан ҳурматсизлик, балки мамлакатнинг сув сиёсатига нисбатан хиёнатдир.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.