ИИБ ходими Андижонда журналистнинг фаолиятига аралашди
Ижтимоий тармоқларда ИИБ ходими Human.uz журналисти Ж.Абдуллаевнинг телефонини тортиб олиб, суратларни ўчириб ташлашни талаб қилгани ҳақида хабар тарқалди. Қайд этилишича, журналист Андижондаги савдо марказларидан бирида арзонлаштирилган шакарга навбатни суратга олган. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.
Ушбу ҳодиса 13 июнь куни соат 09:00 атрофида нисбатан арзон шакар учун навбат йиғилган “Янги Бозор” савдо марказида содир бўлган.
Ж.Абдуллаев одамларни навбатини ва ўзаро гап талашаётганликларини тасвирга олиш вақтида, фуқаролар томонидан уларни юзларини тасвирга олишига эътироз билдирилиб, ҳуқуқларини поймол қилмасдан тасвирни ўчириб ташлаш талаб қилинган.
Воқеа юзасидан Ўзбекистон ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов баёнот билан чиқди. Унинг таъкидлашича, «шакар сотиш жараёнида фуқаро Ж.Абдуллаев одамларни навбатини ва ўзаро гап талашаётганликларини тасвирга олиш вақтида, фуқаролар томонидан уларни юзларини тасвирга олишига эътироз билдирилиб, ҳуқуқларини поймол қилмасдан тасвирни ўчириб ташлаш талаб қилинган».
“Жамоат тартибини бузилишини олдини олиш мақсадида, бозор ҳудудига бириктирилган ички ишлар органлари ходими томонидан фуқаро Ж.Абдуллаевга фуқароларни розилигисиз уларни тасвирга олмаслик тушунтирилган”, – дейилади хабарда.
Хуршид Далиев бунга жавобан журналист суратга олишни бошлаши билан ички ишлар ходими телефонни тортиб олганини маълум қилади. Фуқароларнинг ҳеч бири орган ходимига журналистнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят билан мурожаат қилмаган, буни видеоёзув ҳам исботлаш мумкин, «агар мажбуран ва қонунга хилоф тарзда ўчиртирилмаса». Бундан ташқари, фуқаролар ва журналист ўртасида ҳеч қандай низо бўлмаган, деди у.
«Вазирлик матбуот хизмати (ИИВ — таҳр.) қачонгача ходимлари учун адвокатлик вазифасини бажаради? Ходимлари деганига эмас, видеоисботга (агар ўчиртиришмаса) ишонишса бўлмайдими?» — дейди сайт раҳбари.
Унинг қайд этишича, бозордаги бир қанча харидорлар ва сотувчилар ҳам телефонни тортиб олинганига гувоҳ бўлишган ва шакар муаммосини ёритишни ўзлари сўрашган.
Журналистнинг ўзининг сўзларига кўра, ИИБ ходими ундан айнан мобил қурилмани куч ишлатган ҳолда тортиб олган.
Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот органларида ушбу ҳолат бўйича тергов олиб борилмоқда.
Шарҳлар