ИИВ қўлида чақалоғи бор аёл билан қўпол муносабатда бўлган ходимлар ҳақидаги видеога изоҳ берди

Яқинда ижтимоий тармоқларда икки нафар ҳуқуқ-тартибот ходими қўлида чақалоғи бўлган аёлга қўпол муносабатда бўлгани акс этган видео пайдо бўлди. Ходимлардан бири аёлнинг қўлидан болани олиб кетади, иккинчиси эса жисмоний куч ишлатиб, аёлни машина томонга ҳайдайди. Кейинроқ ИИВ бу воқеа Фарғона вилоятида тиланчиликка қарши курашиш бўйича ўтказилган тезкор тадбир доирасида содир бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда Podrobno.uz ёзади.

Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати бошлиғи, полковник Шоҳрух Ғиёсов ушбу воқеага изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда чақалоқлар ва вояга етмаганлар иштирокида уларнинг ота-оналари ва яқинлари томонидан йўллар ва бозорларда тиланчилик қилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган комплекс профилактика чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Ғиёсовнинг қайд этишича, катта эҳтимол билан ушбу видеода ҳуқуқ-тартибот идоралари талабларига риоя қилмаган ва боласи билан йўлда тиланчилик қилаётган аёлнинг ҳибсга олингани акс этган. Бироқ, у аёлга нисбатан қўпол муносабатни оқлаб бўлмаслигини таъкидлади.

Қўлга олиш вақтида аёлни тепган йўл-патрул хизматининг ходими ишдан бўшатилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.