ИИВ Самарқанддаги аквапаркда ўтказилган тадбир ҳақида: «Тадбир иштирокчиларининг ҳеч бири тиббий кўрикдан ўтказилмаган»

УВД Самаркандской области

Самарқанд аквапаркида сузиш кийимидаги аёллар тери-таносил касалликлари текширувидан ўтказилгани ва ОИВ инфекциясига таҳлиллар аниқлангани ҳақидаги маълумот вилоят ИИБ матбуот котиби Ж.Сагдуллаев томонидан “шошилинч” ва “вазиятни тўлиқ ўрганмасдан” тайёрланган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов маълум қилди.

“Сизларга маълум қиламизки, тадбир иштирокчиларининг ҳеч бири, жумладан, аёллар ҳам тиббий кўрикдан ўтказилмаган ва уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмаган.

Айни пайтда ҳудудий ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан Ички ишлар вазирлиги томонидан хизмат текшируви белгиланди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда аквапаркда сузиш кийимидаги қизлар рақсга тушгани акс этган видео пайдо бўлган эди. Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати “Беадаб рақс ижрочилари тери-таносил касалликлари текширувидан ўтказилди, улардан ОИТС ва ОИВ инфекцияси бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида қон таҳлиллари олинди, ва улар билан  тушунтириш ишлари олиб борилди” – деган хабарни тарқатганди.

Шунингдек, тадбир ташкилотчисига нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича туман судига тақдим этилгани билдирилганди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.