ИИВ ўз жонига суиқасд содир бўлган колония ходимларининг ҳаракатларида қонунбузарлик белгиларини топмади
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Шайхали қўрғончасида жойлашган 35-сонли манзил-колонияда 19 ёшли маҳкум ўз жонига қасд қилишга урингани ҳақида хабар тарқалди, деб ёзади UzNews нашри.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов Facebook`даги саҳифасида ёзишича, ҳодисани қамоқхона ходимлари шахсий телефонига видеога олиб турган
“Ҳайратланарлиси, унинг лезвия билан томирларини очаётганини қамоқхона ходимлари шахсий телефонига видеога олиб турган. Устидан кулиб, изза қилишган. Сўнг йигитни изоляторга қамашибди, зонага қайтаришмоқчи экан. Бу ҳодисадан Қашқадарё махсус прокурорининг ғазаби қўзғаб, ходимларга иш қўзғатган. Тергов ҳаракатлари бошланди, Омбудсманнинг маҳаллий вакиллари ҳам келди, деди воқеа гувоҳларидан бири”, – дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов изоҳ берган. Унинг қайд этишича, Қарши шаҳридаги манзил-колониясида жазо ўтаётган маҳкум Д. Ж. муассасада жойлашган озиқ-овқат дўконидан чиқиб, чўнтагида бўлган соқол олиш учун мўлжалланган олмос бўлаги (лезвия) билан қорни ва қўлларини 3−4 маротаба тилган.
Ҳолат юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, маҳкумда енгил тан жароҳатлари аниқланган. Қарши махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. «Шунингдек, Қарши махсус прокурори колония ходимларига нисбатан иш қўзғатгани ва тергов ҳаракатлари бошлангани ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилади хабарда.
Ички ишлар вазирлигининг қайд этишича, Абдураҳмон Ташанов томонидан номақбул ахборотнинг тарқатилиши сабабли ҳамда воқеа тафсилотларига аниқлик киритиш мақсадида ИИВ Ж.Деҳқоновнинг маълумотларини ошкор қилишга мажбур бўлган, унинг ўзи эса буни хоҳламаган.
«Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолият бу ҳуқуқларнинг бузилишига олиб келмаслиги керак», — дея таъкидлайди вазирликдагилар.
Шарҳлар