2 ой ичида хорижда ота-она қарамоғисиз қолган 34 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди
Оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болаларга ёрдам бериш давом этмоқда, деб хабар қилади Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.
Октябрь ойининг дастлабки кунларида Ички ишлар, Ташқи ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорликда хорижда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган яна 4 нафар бола Ўзбекистон Республикасига қайтарилди. Уларнинг 3 нафари Туркиядан, 1 нафари Россия Федератсиясидан олиб келинди. Бунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан болаларни жойлаштириш ва уларни оилаларига ёки яқин қариндошларига қайтариш бўйича тезкор чоралар кўрилди.
Хусусан, 2 нафари ота-онасига, 1 нафари холасининг васийлигига топшириш бўйича расмийлаштирилди, 1 нафар бола бўйича вазият баҳоланмоқда ва онаси Россия Федератсиясидан қайтгунигача вақтинчалик васийликни расмийлаштириш учун яқин қариндошлари аниқланмоқда.
Маълумот учун, август-сентябрь ойларида хорижда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 34 нафар бола Ўзбекистон Республикасига қайтарилди.
Ўтган давр мобайнида жами 89 нафар Ўзбекистон Республикасининг вояга етмаган фуқаролари қайтарилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан уларга ўзларининг яшаш манзилига яқин “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан бир қатор ижтимоий хизматлар, жумладан, болаларнинг ўзлари ва уларнинг оила аъзоларига психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шарҳлар