Икки блогер қидирувга эълон қилинди
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги икки блогерни қидирувга берди. Уларнинг исм-шарифлари Ички ишлар вазирлиги сайтининг тегишли бўлимида эълон қилинган. Бунга ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари эътибор қаратди, деб ёзади «Газета.uz».
Биринчиси, Sanjar Xo’ja тахаллуси билан танилган Санжар Икромов (1988 йилда туғилган, YouTube`да 200 мингдан ортиқ, Telegram`да 18,3 минг, Facebook`да 29 минг обуначиси бор). У сиёсат, иқтисод ва психология мавзуларида ёзади ва гапиради. Ҳозирда Туркияда яшайди.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик / БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича айблов эълон қилинган.
Иккинчи қидирувдаги блогер — Шерали Комилов (1979 йил), Detektiv Uz YouTube-канали муаллифи (17,8 минг обуначи, Facebook`да — 8140). У асосан ижтимоий мавзуларни кўтариб чиқади. Унинг кўплаб постларида диний блогер Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий) танқид қилинади.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-модда 3-қисми «б» банди (фирибгарлик ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, — БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ҳамда 140-моддаси 3-қисмининг «а» банди (ҳақорат қилиш жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда / БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади) бўйича айблов эълон қилинган.
Шарҳлар