Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади
“Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-292-сон, 15.08.2024 й.) қабул қилинди, деб хабар бермоқда “Ҳуқуқий ахборот” Telegram-канали.
Қарорга кўра, 2024 йил октябрь ойида Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади.
Тадбирни юқори савияда нишонлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастури тасдиқланади:
- Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва “Сунани Термизий” асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаш ҳамда уларни нашр этиш;
- 2024 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда конференция доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш.
2024 йил сентябрь-октябрь ойларида Термиз давлат университети ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Термизий алломаларнинг илмий-маънавий мероси: ўтмиш ва бугун” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ҳамда Имом Термизий ҳаёти ва илмий фаолиятига оид илмий мақолалар танлови ўтказилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасига имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Имом Термизий асарлари бўйича ҳадислар билимдони” танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш тавсия этилди.
Шарҳлар