Имтиёз учун кран ёши 7 йилга йилга яшартирилди

Foto: videodan nusxa

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Аркбулоқ» божхона постида хориждан келтирилган, ҳужжатларга кўра 2021-йилда ишлаб чиқарилган дея кўрсатилган, юк кўтариш қобилияти 50 тоннани ташкил этувчи автокран белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Кўрик давомида, автотранспорт воситасига туширилган ишлаб чиқарилган йилига доир ёзувлар қўлбола тарзида ўзгартирилгани, шунингдек транспорт воситаси қисмларида қайта бўяш белгилари мавжудлиги аниқланди. Шубҳаларни эса, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Эксперт-криминалистика Бош маркази томонидан ўтказилган экспертиза хулосаси ҳам тасдиқлади. Яъни, транспорт воситаси ҳужжатларда кўрсатилганидек, 2021 йилда эмас, аксинча 2014 йилда ишлаб чиқарилганлиги аниқланди,

Натижада, қиймати 1,5 млрд. сўмлик мазкур транспорт воситасига нисбатан божхона тўловларидан ҳисобланган 1 млрд. 18 млн. сўмлик имтиёзлар бекор қилинди.

Ҳозирда автотранспорт воситаси вақтинча сақловга олиниб, ҳолат юзасидан текширув ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 июндаги 352-сонли қарорига асосан кон-металлургия, нефт-газ ва кимё саноатида фойдаланиладиган автокранлар учун божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан имтиёз берилиши назарда тутилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.