Инсон қадрини улуғлаш бўйича яна бир муҳим ташаббус
Сўнгги уч йил ичида мамлакатимизда кўмакка муҳтож 3 млн аҳолининг турмуш шароити яхшилангани ҳолда камбағаллик даражасини 17 фоиздан 11 фоизга туширишга эришилди. Шунингдек, мамлакатимизда эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва келгуси уч йилда камбағаллик даражасини
7 фоизгача пасайтириш мақсадини тўла амалга ошириш йўлида таъсирчан чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Шу жиҳатдан, “Адолат” социал-демократик партияси томонидан илгари сурилган эҳтиёжманд аҳолини ишга қабул қилганлик учун солиқ имтиёзларини белгилаш ташаббуси ҳам юқоридаги мақсадли ислоҳотларнинг амалий натижасига хизмат қилиши аниқ.
Хорижий тажрибага эътибор қаратадиган бўлсак, Хитойда кам таъминланган оила фарзандлари, боласи бор ёлғиз аёллар ва боқувчисиз кекса фуқароларни иш билан таъминлаган корхона ва ташкилотларга қатор солиқ имтиёзлари берилгани аён бўлади. Масалан, ногиронлиги бўлган фуқароларни иш билан таъминлаган ишбилармонлик субъектларига давлат томонидан мол-мулк ва ер солиғи учун 50 фоиздан 100 фоизгача имтиёзлар берилади.
Партиянинг эҳтиёжманд аҳолини ишга қабул қилганлик учун солиқ имтиёзларини белгилаш ташаббуси тадбиркорлик субъектларини ҳам камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларга фаол жалб этишга хизмат қилади. Бу эса аҳоли фаровонлигининг ошишига ҳамда миллий иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Шарҳлар