Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми 13-14 июнь кунлари бўлиб ўтади
Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев маълум қилди.
Бу галги Самарқанд форумининг асосий мақсади – иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига таъсири билан боғлиқ масалаларни кенг кўламда ва ахборотлар таҳлили негизида атрофлича муҳокама қилишдир.
«Халқаро анжуман иштирокчилари ушбу соҳада зарур билимлар олиш билан бир қаторда, халқаро ҳамжамият доирасида ўзаро тажриба алмашиш ва энг мақбул амалиётлар билан танишиш имконига эга бўлади. Форумда асосий эътибор иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга оид аниқ тавсия ва ечимлар тайёрлашга қаратилади» – дейилади хабарда.
Бу борадаги мунозаралар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва ўзгараётган иқлим шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмаклашадиган самарадор стратегия ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун турли соҳа мутахассисларига қулай майдон бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Форум доирасида офлайн ва онлайн тарзда учта ялпи мажлис ўтказилиши мўлжалланган.
Шарҳлар