Интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузиш 340 миллион сўмгача товон пули тўланишига сабаб бўлади
21 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг 53-ялпи мажлисида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди.
Қонунда товар белгиси, фирма номи, ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси, селекция ютуғидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатларида ҳуқуқ эгаси ҳуқуқбузардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан (6,8 млн сўм) 1000 бараваригача (340 млн сўм) товон тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Товон ҳуқуқбузарлик ҳолатларида ҳуқуқ эгасига етказилган зарарнинг қопланиши ўрнига талаб қилиниши мумкин. Товон тўланишини талаб қилишда зарар етказилганлик фактини исботлаш талаб этилмайди.
Шунингдек, қонунда Интернет тармоғидаги ахборот ресурслари (веб-сайтлар, ижтимоий тармоқдаги саҳифалар ва бошқа) эгаларининг ўзлари юритаётган ахборот ресурсида интеллектуал мулк ҳуқуқларининг бузилишини олдини олиш, бундай ресурсларда содир этиладиган соҳага оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликларини кучайтириш назарда тутилмоқда.
Қонунчиликдаги ушбу ўзгаришлар интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдинига олишга, интеллектуал мулк эгаларининг ўз ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга имкон яратади.
Шарҳлар