Инвестиция ҳисобига ташкил этилган айрим корхоналар ишламаяпти

Фото: Prezident matbuot kotibi

Президент инвестиция ва ташқи савдо, қишлоқ хўжалиги комплексларидаги устувор вазифаларни белгилаб берди.

Ўтган олти ойда иқтисодиётга 15,5 миллиард доллар хорижий, шундан 14 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритилди. Ўсиш эса – 2,1 баробар. Бироқ, ҳар бир доллар инвестиция ҳисобига яратилган қўшилган қиймат кўрсаткичи барча тармоқ ва ҳудудларда ҳам қониқарли эмас.

Бу тўқимачилик, чарм, фармацевтика тармоқларида, Сирдарё ва Бухорода 2 долларга, Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Жиззахда эса 2,5 долларга етмаслиги кўрсатиб ўтилди. Ёки, ҳар 1 минг доллар хорижий инвестиция солиқ тушумини ўртача 600 долларга оширган бўлса, Сирдарё, Навоий, Жиззах ва Сурхондарёда бу 300 доллардан кам.

Мутасаддиларга инвестиция лойиҳалари дастурини шакллантиришда уларни пухта таҳлил қилиш, қўшилган қийматни каррасига оширадиганларини киритиш топширилди.

Шунингдек, сўнгги икки йилда четдан келган, бироқ ҳалигача ўрнатилмаган 183 миллион долларлик ускуналарни тўлиқ ишга тушириш зарурлиги қайд этилди. Вилоят ҳокимлари, тармоқ раҳбарларига эркин иқтисодий зоналардаги ишлаб чиқаришни камайтирган корхоналар билан манзилли ишлаш топширилди.

Инвестиция ҳисобига ташкил этилган айрим корхоналар ҳозирда ишламаётгани танқид қилинди. Шу муносабат билан ҳар бир лойиҳа билан якка тартибда ишлаш, муаммосини ҳал қилишга кўмаклашиш шартлиги қайд этилди.

Соҳалар ривожи учун Тараққиёт ва тикланиш жамғармасидан берилган 650 миллион доллар арзон ресурс, банкларда хориждан жалб қилинган 1 миллиард доллар маблағ ишлатилмасдан тургани кўрсатиб ўтилди. Йил якунигача бу маблағлардан тўлиқ фойдаланиб, лойиҳаларни амалга ошириш топширилди.

Жорий йилда саноат зоналари инфратузилмаси учун 1,5 триллион сўм маблағ ажратилган. Бунинг ҳисобидан саноат зоналаридаги 79 та инфратузилма объектларини тўлиқ фойдаланишга топшириш вазифаси қўйилди.

Ҳудудлардаги йирик лойиҳаларни инфратузилмага улашни тезлаштириш мақсадида қиймати 200 миллиард сўмдан зиёд бўлган лойиҳалар учун инфратузилма қуриб бериш тартибини соддалаштириш зарурлиги қайд этилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.