“Инвестиция” ортида яширинган кибержиноят фош этилди

Foto: Kiberxavfsizlik

Фарғона вилоятида яшовчи Ж.А. ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг банк картасидаги 5.200.000 сўм пуллари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳрида яшовчи аёл М.И. содир этганлиги аниқланган.

М.И., жабрланувчи Ж.А. билан телеграм мессенжеридаги гуруҳларнинг бирида танишиб, инвестиция киритиш борасида уни ишонтириб, пулларини оз фурсатларда 2 баравар кўпайтириб беришини ваъда қилган ва алдов йўли билан 5.200.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб олишга эришиб, мазкур пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан M.I.ga нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Қонунга мувофиқ, Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.