Инвестицион менежерларнинг мақоми Инвестициялар вазирлиги бошқармасининг бошлиғига тенглаштирилди
Президент “Маъмурий ислоҳотлар доирасида инвестициялар, саноат ва савдо соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида (ИССВ) ҳар бир инвесторга лойиҳа ишга туширилгунгача барча босқичда ҳамроҳлик қиладиган, хусусан ер олиш, инфратузилмага уланиш, рухсатномаларни расмийлаштириш каби масалаларни ҳал қилиб борадиган “инвестиция менежерлари” бириктирилади.
Мақоми бўйича инвестиция менежерлари вазирликнинг бошқарма бошлиғига тенглаштирилади. Улар бевосита вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг инвестиция, саноат ва савдо масалалари бўйича вазифалар юкланган ўринбосарлари билан ишлайди.
Вазирликка қуйидаги ваколатлар тақдим этилмоқда:
- аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмаларни киритиш;
- ўзининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан халқаро аэропортларнинг VIP-залида инвесторларни кутиб олиш ва кузатиш.
Шунингдек қуйидагилар ташкил этилади:
- Вазирлик ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Саноат ва ташқи бозорларни таҳлил қилиш маркази;
- Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги тизимида Инвесторлар маркази;
- Экспортни рағбатлантириш агентлиги тизимида Экспортчилар маркази;
- Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳузурида Саноатни ривожлантириш жамғармаси;
Маълумот учун: Жамғарма маблағлари ҳисобидан:
- юқори технологияли маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтиришга йўналтирилган саноат лойиҳаларига хорижий ва миллий валютадаги кредитлар, шу жумладан айланма маблағлар ажратилади;
- бино-иншоотлар харид қилиш ва ижарага олиш учун кредитлар Саноатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Саноат ипотекаси” тизими асосида ажратилади;
- талаб қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, шунингдек, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, хорижий экспертларни жалб қилиш ва маҳсулотларни сертификатлаштиришга қаратилган маркетинг тадқиқотлари лойиҳалари билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини молиялаштириш;
- саноат корхоналарига уларнинг устав капиталида иштирок этиш, мулк сотиб олиш, миллий ва чет эл валютасида кредитлар бериш, шунингдек, бошқа шаклларда ёрдам кўрсатилади;
Жамғармага 1 миллиард доллар эквивалентидаги маблағлар жалб этилади. 2024 йилдан бошлаб Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари томонидан ҳар йили Давлат бюджетидан инфратузилма харажатлари учун 2 триллион сўм, Жамғарма томонидан ажратиладиган субсидиялар ва компенсациялар бўйича харажатлар учун 15 миллион доллар ажратилади.
2023 йил 1 августдан:
- 20 та вазирлик ва идораларда (қуйида рўйхати келтирилган) янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича “лойиҳа офислари” ташкил этилади;
- Хорижий ҳамкорлар билан ташқи иқтисодий масалалар бўйича музокаралар бўйича ҳисоботлар ИССВга 3 кун муддатда тақдим этилади.
Мазкур соҳаларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш учун прокуратура органларига қўшимча равишда 35 та штат бирлиги ажратилади.
Шарҳлар