Ипакчилик қўмитасининг раҳбари Kun.uz нашрига қарши даъво аризасини қайтариб олди
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов Kun.uz (Web Expert МЧЖ) ва унинг журналисти Шокир Шариповга нисбатан даъво аризасини қайтариб олди. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.
Шарипов ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев томонидан 14 июль куни эълон қилинган хатида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳри Учтепа туманлараро судидан аризани кўрмасдан қолдиришни сўраган.
Суд 20 июлга белгиланган эди. Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати «Газета.uz»га мажлис бўлиб ўтишини маълум қилди. Унга кўра, суд Шариповнинг даъво аризасини қайтариб олиш ҳақидаги иккинчи аризасини кўриб чиқади.
12 июнь куни нашр журналист Шокир Шариповнинг «Давлат амалдорининг „ипакдан тўқилган“ бизнес тўри. Соҳа шахсий томорқага айлантирилганми?» сарлавҳали суриштирувини эълон қилди. Материалда айтилишича, Баҳром Шарипов номи гўёки рафиқаси ва бошқа қариндошлари орқали жун толалари, ипак ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ўнлаб корхоналар билан боғланган.
Материалда Баҳром Шарипов соҳани тартибга солувчи қўмитага раҳбарлик қилиши ҳисобга олинса, манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкинлигига ишора қилади.
Баҳром Шарипов ўз даъво аризасида (нусхаси «Газета.uz»да мавжуд) Kun.uz мақоласидаги маълумотларни асоссиз деб атади ҳамда бу ўзи ва оиласининг обрўсига путур етказганини қайд этган. У суддан таҳририят ва журналистни раддия эълон қилиш, омма олдида кечирим сўраш ва улардан маънавий зарар учун 1 миллиард сўм ундиришни сўраганди.
Шарҳлар