Bo'limsiz

Қирғизистон айрим пансионатларини Ўзбекистонга 49 йилга фойдаланиш учун тақдим этади

Фото: Kloop

Қирғизистон ҳукумати Иссиқкўлда жойлашган «Энесай» (“Дилором”), « Бостери» (собиқ “Олтин қумлар”), «Роҳат» ва «Бўстон» пансионатларини 49 йилга Ўзбекистонга тақдим этмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат мулкини бошқариш бўйича давлат агентлигининг директори Қанатбек Турғунбеков маълум қилди, деб ёзади Kloop нашри.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони ҳар бир пансионатга 15-20 миллион доллар сармоя киритиш ниятида.

“Бу иш ўринлари, бу 4-5 юлдузли меҳмонхоналар. Биз ҳаммани мамнунлик билан кутиб оламиз. Келаверишсин, қуришсин. […] Ҳозир биз пансионатларни фақат фойдаланишга беряпмиз. Иссиқкўлни ҳеч кимнинг мулкига бера олмаймиз”, — деди у Tazabek нашрига берган интервьюсида.

«Энесай» (Дилором), «Бостери» (собиқ “Олтин қумлар”), «Роҳат» ва «Бўстон» пансионатлари совет даврида Ўзбекистон ССР маблағлари ҳисобидан қурилган ва 1992 йилги келишувга кўра Ўзбекистонга тегишли эди.

Бироқ 2016 йилда Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон давлат ширкатларига қарашли бу пансионатларни хусусийлаштирганди. Аммо Ўзбекистон халқаро арбитражга даъво аризасини тақдим этади.

Орадан бир йил ўтиб Қирғизистон уларни Ўзбекистонга қайтаришга қарор қилади. Кейин ҳукумат қарор давлатлар ўртасидаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома доирасида қабул қилингани ва унга кўра ҳудуд Ўзбекистонга вақтинча фойдаланишга берилгани ҳақида шартнома тайёрлагани айтилди. Бунинг эвазига Ўзбекистон томони пансионатларни уч-тўрт юлдузли меҳмонхоналар қилиб, қирғизистонликларни иш билан таъминлаши керак эди.

Бироқ 2019 йилнинг май ойида ҳукумат Ўзбекистон билан шартнома имзоланмагани ҳақида хабар беради. Давлат мулкини бошқариш жамғармасининг маълумотларига кўра, пансионатларни «Мулк» давлат корхонаси бошқаради.

2020 йил февраль ойи бошида Давлат мулкини бошқариш жамғармаси хусусий сармоядорларга дам олиш масканларини бериш ниятида эканлигини маълум қилади. Департамент учта пансионатни шахсий қўлларга фойдаланишга беришни режалаштиради,  бироқ шу билан бирга уларни “давлат мулкида қолдиришга” қарор қилади. Давлат мулкини бошқариш жамғармаси бундай қарорни пансионатлар аянчли аҳволда эканлиги билан изоҳлайди.

Аммо 2016 йилгача ушбу пансионатларга эгалик қилган Ўзбекистон давлат компаниялари бунга қарши чиқади. Улар қўшма баёнот эълон қилиб, “пансионатларнинг сотилишига кескин эътироз билдиришларини” айтади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.