Қирғизистон билан чегарадан ID-карта орқали ўтиш бўйича келишувга эришилди
Чегарадан ID-карта орқали ўтиш бўйича Қирғизистон билан келишувга эришилгани Фарғона учун имкониятлар эшигини очгани таъкидланди.
Қарийб 20 йил ёпиқ бўлган Шоҳимардон ва Ёрдон анклав қишлоқларига ўтган йили 400 мингга яқин турист борди.
Лекин, “Водил” ва “Оқ-қия” чегара ўтказиш пунктлари халқаро мақомга эга эмаслиги боис хорижий туристлар Шоҳимардон ва Ёрдонга Ўш орқали айланиб келишига тўғри келмоқда. Бу масала ҳал бўлса, тадбиркорлар ушбу 2 та қишлоққа 100 миллион доллар инвестиция киритишга тайёр.
Бу борада қўшни мамлакат билан тегишли музокаралар олиб борилаётгани маълум қилинди. Мутасаддиларга Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқлари, Водил шаҳарчасининг мастер режасини ишлаб чиқиш топширилди.
Шунингдек, вилоятда маданий тадбирларни кўпайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Маданият вазирлигига Фарғона филармониясида Симфоник оркестр ва Миллий чолғу ансамблини ташкил қилиш топширилди.
Ушбу оркестр ва ансамбл сайёҳлар энг кўп келадиган Фарғона, Қўқон, Марғилон шаҳарлари, Риштон, Қува ва Фарғона туманларида ҳафталик концертлар ўтказади.
Шунингдек, Фарғона шаҳрида янги ташкил бўлаётган “Эко шаҳар”да мусиқа мактабини ташкил қилиш бўйича таклиф киритишга кўрсатма берилди.
Умуман, бугун Фарғона учун яратилаётган шароитлар камида 10 миллиард долларлик инвестицияга замин бўлаётгани таъкидланди.
Йиғилишда Қува тумани, Қўқон ва Марғилон шаҳарларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Қува аҳолиси 280 мингга яқинлашди. Туманда тадбиркорлар жуда кўп, имконият ҳам, шароит ҳам етарли. Туман ҳокимлиги тўғри ёндашув қилса, инвестиция, ишлаб чиқариш, иш ўрни ва экспортни каррасига ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Қувада мева-сабзавотни қайта ишлаш қуввати 10 фоиз. Мустақиллик маҳалласидаги 100 дан зиёд хонадон яқин жойдан 15 гектар ер ажратилса, мева улгуржи бозорини ташкил қилишга тайёр.
Россиялик инвесторлар ҳам 5 гектарда 20 миллион долларлик 100 минг тонна мевани қайта ишлайдиган агрологистика марказини қуриш, саудиялик ҳамкор иситиш ва совутиш тизимлари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича таклиф билдирган.
Бу лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Шарҳлар