Қирғизистон МХДҚ раҳбари собиқ божхоначининг барча мол-мулки мусодара қилинишини айтди
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Райимбек Матраимовнинг барча мол-мулки давлат фойдасига мусодара қилинишини айтди.
“Биз унинг Ўш вилоятидаги ва бутун Қирғизистондаги барча мол-мулкини давлатга ўтказамиз. Матраимовга бир сотих ер ҳам қолдирмаймиз. У энди «Раим Миллион» бўлмайди, агар қайтса оддий одам бўлади. […] Аввалгидек кланлик қила олмайди. Бутун Ўш вилояти бўйлаб унинг кланларига чек қўйиш учун 50 га яқин турли давлат идоралари раҳбарлари ишдан олиб ташланди”, — деган у.
Ҳозир божхона бошлиғининг собиқ ўринбосари Раийбек Матраимовнинг қаерда эканлиги номаълум. Ўтган йил охирида унинг мамлакатни тарк этиб, Дубайга учиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.
Унинг қидирувга берилгани бир кун аввал маълум бўлди. У “шахсни ҳуқуқбузарлик белгилари бўлмаган ҳолда мажбуран ушлаб туриш орқали унинг ҳаракат эркинлигини чеклашга кўмаклашиш”да айбланмоқда.
Матраимов 2015–2017 йилларда божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган. У Озодлик радиосининг қирғиз хизмати, Kloop нашри ҳамда Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) томонидан Қирғизистон божхона органларидаги коррупция схемалари бўйича қатор қўшма журналистик текширувлар мавзуси бўлган.
Шарҳлар