Bo'limsiz

Қирғизистондаги пансионатлар 49 йилга Ўзбекистонда кимнинг бошқарувига тақдим этилади

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Иссиқкўлдаги тўртта пансионатнинг Ўзбекистонга берилишига изоҳ берди. Куни кеча «Энесай» («Дилором»), «Бостери» (“Олтин қумлар”), «Роҳат» ва «Бўстон» пансионатлари 49 йилга қўшни давлат бошқарувига ўтказилиши маълум қилинганди, деб ёзади Kloop нашри.

Пансионатларнинг ўзи совет даврида Ўзбекистон ССР маблағлари ҳисобидан қурилган ва 1992 йилдаги келишувга кўра унга тегишли бўлган. Бироқ 2016 йилда Қирғизистон ҳукумати ўша пайтдаги Бош вазир Темиров Сариев бошчилигида мамлакат ҳукумати Ўзбекистон давлат ширкатларига тегишли бўлган ушбу пансионатларни хусусийлаштирган эди. Аммо Ўзбекистон халқаро арбитражга даъво аризасини тақдим этади.

Президент ўз интервьюсида Сариевнинг пансионатларни Қирғизистон балансига ўтказиш ҳақидаги қарори «популистик» эканлигини айтди. Жапаровнинг айтишича, натижада Қирғизистон Вашингтондаги халқаро судда Ўзбекистонга ютқазган ва энди 40 миллион доллар тўлаши керак.

“Биз Ўзбекистон томони билан музокаралар олиб бордик ва объектларни 49 йилга ижарага бериш ҳақида келишдик, улар эса пансионатларни 4-5 юлдузли меҳмонхоналар даражасига кўтаради: бизда уларга (суд томонидан белгиланган) пулни  тўлаш имконияти йўқ. Ушбу пансионатларнинг бугунги ҳолати яхши эмас: улар шу қадар вайронага айланганки, аллақачон омборхона деб аташ мумкин. Яқин 15-20 йил ичида биз уларни модернизация қилишга сармоя кирита олмаймиз, чунки бизда жуда кўп бошқа муҳим камчиликлар мавжуд. Уларни бартараф этмагунча, пансионатлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, деди у.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бу пансионатларни ҳаттоки 4 миллион долларга ҳам ҳеч ким шу кўринишда сотиб олмайди. Шунингдек, Жапаров пансионатлар узоқ муддатга ижарага берилишини, шунда Ўзбекистон томони «сарфлаган маблағларини оқлаб олишига» кафолатлар бўлишини тушунтирди. Президент пансионатлар “Ўзбекистон томонига Кампиробод сув омборига ўхшаб берилаётгани” ҳақидаги таққослашларга ҳам жавоб қайтарди.

“Кампирободни бердилар деб карнай-сурнай чалаётганларни жоҳил дейиш мумкин. Кампиробод ҳеч кимга берилмаган, аксинча, олинган. Биз уни тенг асосда бошқариш учун шартнома туздик ва ўзимиз учун 50%ни олдик. Илгари унинг олдига 50 метрга ҳам қўйишмасди, тўғрими? Биз ҳар бир қароримиз ва ҳаракатимиз учун, ҳатто 50 йилдан кейин ҳам, уялмасдан жавоб беришга тайёрмиз. Бизнинг ишимиз тўлиқ ва тўлиқ халқ манфаати учун қилинган. Шу боис, ҳар қандай ҳолатда ҳам резонанс яратишга интилаётган айрим сайтларнинг маълумотларига эътибор бермасликни сўрайман”, — деди Жапаров.

Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш бўйича давлат агентлигининг маълум қилишича, ҳозирда тўртта пансионат зарарига ишлаяпти, чунки хоналарнинг катта қисми ёмон ва авария ҳолатида. Қайд этилишича, объектларнинг инфратузилмаси эскирган ва янгилаш ва модернизация қилиш учун катта миқдорда инвестициялар талаб этилади.

Бунинг учун пансионатлар ўзбекистонлик инвесторларга фойдаланишга, ер участкалари эса ижарага берилади. Бунинг эвазига пансионатларни халқаро талаблар асосида 3-4 юлдуз даражасида реконструкция қилади. Шунингдек, шартга кўра, пансионатларда ишлайдиган ходимларнинг камида 80 фоизи Қирғизистон фуқаролари бўлиши керак.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг ўнинчи йиғилишида эришилган келишувга кўра:

  • “Олтин қумлар” пансионати “Тошкент механика заводи” акциядорлик жамиятига тақдим этилади;
  • «Дилором» пансионати – «Асакабанк» акциядорлик жамиятига;
  • «Роҳат» пансионати – “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки” акциядорлик жамиятига;
  • қурилиши тугалланмаган «Бўстон» объекти – «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик жамиятига.

Ўзбекистонлик сармоядорлар томонидан ҳар бир пансионатга 15-20 миллион доллар сармоя киритилиши кутилмоқда.Бундан ташқари, расмийларнинг фикрича, бир нечта замонавий пансионатларнинг пайдо бўлиши минтақа иқтисодиётига мультипликатив самара кўрсатади.

Шундай қилиб, солиқ тушумларининг ҳажми йилига 130 миллион сомдан ошиши, ҳар бир объектда 200 га яқин иш ўрни яратилиши, маҳаллий тадбиркорларга пансионатлар ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш имкониятининг яратилиши кутилмоқда.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.