Фуқороларга 26 миллион сўмлик иш ҳақи ундирилиб берилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили яъни омбудсманга фуқаро А.Д. ва унинг ўғли А.Н. иш берувчи томонидан ойлик маошлари тўланмагани бўйича шикоят қилган. Мурожаат омбудсман томонидан назоратга олиниб, Наманган вилоятидаги минтақавий вакил томонидан вазият жойига чиқиб ўрганилган.
Хабарга кўра, “мурожаатчи А.Д. фарзанди билан кластер ишлаб чиқариш корхонасида ишлаб келган ва ходимлар сонининг қисқаргани сабабли уларнинг меҳнат шартномалари бекор қилинган. Бироқ уларнинг 2023 йилнинг октябрь, ноябрь ва декабрь ойлари учун иш ҳақлари тўлаб берилмаган”.
Иш берувчига ҳуқуқий тушунтиришлар берилганидан сўнг мурожаатчи ва унинг фарзандига 26 миллион сўм миқдоридаги иш ҳақлари тўлаб берилган.
Маълумот учун, меҳнат кодексининг 161-моддасига мувофиқ, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас.
Улашиш:
Шарҳлар